Президент Шавкат Мирзиёев Ашхободга келгач, Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон давлат раҳбарининг матбуот хизмати.
«Суҳбатда давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентини Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига самарали раислик қилгани билан табриклаб, ташкилот саммити муваффақиятли ўтишини тилади», — дейилади расмий ахборотда.
Учрашувда олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинган.
Шунингдек, қўшимча қилишларича, «халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликка доир долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилган».
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти МДҲга аъзо мамлакатларнинг давлат раҳбарлари саммитида иштирок этиш учун Туркманистонда бўлиб турибди. Саммитнинг асосий воқеалари 11 октябрга белгиланган.