Индонезия сиёсат, адлия ва хавфсизлик масалалари вазири Вирантога Бантен вилоятида пичоқ билан ҳужум уюштирилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Хабарга кўра, 72 ёшли амалдор вилоятдаги Пандегланг шаҳрига текширув хизмат сафари билан келган. Суиқасд Виранто автомобилдан тушаётган вақтида содир этилган. Жиноятчи вазирнинг қорин соҳасига ўткир тиғли совуқ қурол билан икки марта зарба берган. Қуролли ҳужум оқибатида маҳаллий полиция бошқармаси раҳбари ҳам жароҳатланган.
Хавфсизлик хизмати ходимлари ва полициячилар жиноятчини қўлга туширган, кейинроқ унинг рафиқаси ҳам суиқасд уюштиришга шерик бўлганликда гумонланиб ҳибсга олинган.
Виранто дастлаб маҳаллий шифохонага олиб келинган, кейин вертолётда Жакартадаги ҳарбий госпиталга кўчириб ўтказилган. Вазир ҳушида экани ва аҳволи барқарор эканлиги хабар қилинган.
Виранто ҳукуматда республикадаги кучишлатар тизимнинг асосий раҳбари ҳисобланади ва деярли барча ҳарбий кучлар унга бўйсунади.
Полиция май ойида ҳукуматнинг юқори лавозимдаги аъзоларига суиқасд уюштиришга тайёрланган олти нафар фуқарони ҳибсга олганди. Жиноятчилар Виранто, денгиз масалалари куратори Лухута Бинсара Панжаитана, Давлат разведка бошқармаси бошлиғи Буди Гунавана ҳамда президентнинг хавфсизлик ва разведка масалалари бўйича махсус вакили Гориэс Мэрени ўлдиришни мақсад қилганлиги маълум бўлганди.