Ижтимоий тармоқларда 3 март куни 74 ёшли хонанда Шерали Жўраевнинг оғир аҳволда экани ёки вафот этгани тўғрисида турли миш-мишлар тарқалди. Озиб кетган Шерали Жўраевнинг чой ичаётгани акс этган видео хонанданинг оғир касал эканлиги ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди.
«Дарё» мухбири Миролим Исажонов миш-мишларга ойдинлик киритиш мақсадида Зоҳиршоҳ Жўраевнинг маъмури Ғайрат Шокиров билан боғланганида, у Шерали Жўраевнинг аҳволи яхши эканлиги, бироқ ҳозирда айрим сабаблар туфайли Туркиянинг Истанбул шаҳрида эканлигини айтди.
«Аслида Туркияга сафарга кетган. У ерда қизлари ўқийди. Магистратурани битириш арафасида диплом олиш жараёнлари бўларкан. Ҳозир қизларининг олдида. 7—8 март кунлари Тошкентга қайтиб келади. Худо хоҳласа, 21 март куни давлат байрамида кўриниш беради. Дастурга қўшиқлари киритилган, тайёргарлик кетяпти», — дейди Ғайрат Шокиров.
Ушбу хабар чоп этилганидан сўнг Шерали Жўраевнинг кенжа ўғли Зоҳиршоҳ «Дарё» мухбири билан боғланиб, маъмури айтган маълумот асоссиз эканлиги ҳамда отасининг айни дамда Тошкентда эканлигини маълум қилди.
«Дадам олти ойча муқаддам кўричак касали билан оғриб қолгандилар. Ҳозир тарқалаётган видеолавҳалар ўша вақтда суратга олинган. Ҳозир дадамнинг аҳволлари жуда яхши. Ортиқча ваҳима ва хавотирларга ўрин йўқ. Дадам ҳозир Ўзбекистондалар, уларнинг чет элда даволанаётганлари ҳақидаги маълумотлар ҳам асоссиз. Айни вақтда давлат тадбирига тайёргарлик кўрмоқдалар», — дейди Зоҳиршоҳ Жўраев.
Шунингдек, Зоҳиршоҳ сўзи исботи тариқасида отаси билан байрам дастурларига тайёргарлик кўриш жараёнида тушган суратларини ҳам тақдим этди, бироқ хонанда ушбу суратларнинг қачон олинганига аниқлик киритмаган. Суратларда Шерали Жўраевнинг видеодаги сингари озғин эмаслигини кўриш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йилда ҳам Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.