Хитойда бойлиги долларда ҳисобланган миллиардерлар сони минг нафардан ошди ва мамлакат бундай кўрсаткичга эришган дунёдаги энг биринчи давлатга айланди. Бироқ Alibaba Group Holding Ltd асосчиси Жек Ма Хитойнинг энг бой одами мақомидан айрилди ва мамлакат миқёсидаги энг бой миллиардерлар учлигидан ҳам тушиб қолди. Бу ҳақда Шанхайнинг Hurun тадқиқот институти China Rich List рейтингида маълумот бериб ўтилган, деб ёзмоқда «Интерфакс».
2021 йил бошида Хитойдаги доллар миллиардерлари сони 1,058 минг нафарни ташкил этган, 2020 йил давомида уларнинг сони 259 нафарга кўпайган. Hurun рейтингига кўра, бутун дунёда 2020 йил давомида миллиардерлар сони 412 нафарга кўпайиб, 3,228 мингтага етган.
Жек Ма Хитой миллиардерлари рейтингидан тўртинчи ўринга тушиб қолган. Манинг бойлиги ўтган йилда 22 фоизга кўпайган ва 360 миллиард юань ёки 55,6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган.
Жек Ма Alibaba бошқарувининг раиси ва Хитойдаги молиявий технологиялар соҳасидаги энг катта компания Ant Group’нинг асосий бошқарувчиси ҳисобланади. Аммо у Хитой ҳукуматининг молиявий бошқарув тизимини танқид қилгани туфайли муайян вақт давомида омма олдида кўриниш бермаган.
Бойлиги 550 миллиард юанни (85 миллиард доллар) ташкил қилган Nongfu Spring шиша идишдаги сувларини ишлаб чиқарувчи компаниянинг эгаси Чжун Шаншан Хитойнинг энг бой одами бўлиб турибди. Иккинчи ва учинчи поғоналарни мос равишда Tencent Holdings Ltd. асосчиси Пони Ма (480 миллиард юань) ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси оператори Pinduoduo Inc. эгаси Колин Хуан (450 миллиард юань) эгаллаган.
Чжун Шаншан дунё бўйича энг бой миллиардерлар ўнлигида еттинчи ўринни эгаллаб турибди. Мазкур рейтингни Tesla Inc. асосчиси Илон Маск ҳамда Amazon.com Inc. эгаси Жефф Безос бошқармоқда.